«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ тасарруфидаги “Лочин” болаларни дам олдириш оромгоҳи ҳақида
2007 йилдан буён Республика бўйича “Энг намунали оромгоҳ” номинацияси бўйича ғолибликни қўлдан бермай келаётган “Лочин” оромгоҳи ҳар йили 4000 нафар болаларни ёзги таътил кунларида мириқиб дам олишлари учун ўз бағрига олади.
Оромгоҳда дунёдаги энг гўзал меъморий обидаларнинг макетлари – кичрайтирилган нусхалари мавжуд. Ҳиндистондаги Тож Маҳал, Римдаги Колизей, Париждаги Эйфел минораси, Грециядаги Артемида ибодатхонаси, Самарқанддаги Регистон майдони, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Москва шаҳридаги “Покровский собор” шулар жумласидандир. Улар болаларнинг маънавий бойлигининг ошишига, тафаккурининг ўсишига хизмат қилади. Мазкур оромгоҳда ёш авлодни миллий ифтихор руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилмокда. Аждодларимиз мероси – миллий ҳунармандчилик, каштачилик, зардўзлик, тикувчилик, гилам тўқиш, наққошлик санъатини болаларга ўргатиш максадида бошқа тўгараклар қаторида миллий ҳунармандчилик тўгараклари ҳам фаолият юритмоқда. Шунингдек бу оромгоҳда замонавий рақс, миллий рақс, моҳир қўллар, дизайн ва рассомчилик ҳамда спорт тўгараклари ҳам болажонлар билан гавжум.
Оромгоҳда мавсум мавзусига биноан “Мода, мода”, “One by one”, “Ободонлаштириш куни”, “Соғлик учун марафони”, “Шарқ карвони”, “Сув байрами”, “МТВ шоу”, “Заковат” викторинаси, “Лочин СТАР - 2018” лойиҳаси, “Ўзбекистон куни” каби тадбирлар ўтказилади.
Айни кунларда “Лочин” оромгоҳида дам олиш мавсумининг 4-оқими давом этмоқда. Бу оқим шуниси билан эътиборли-ки, бу оқимда Оролбўйи минтақасида истоқомат қиладиган болалар – Қорақалпоғистон Республикасидан 250 нафар, Хоразм вилоятидан 250 нафар болалар ушбу оромгоҳда мазза қилиб ҳордиқ чиқармоқдалар.
Яқинда ушбу оромгоҳга ташриф буюрган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Республика Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев ушбу оромгоҳда болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар, оромгоҳда ташкил этилаётган тадбирлар билан яқиндан танишиб дам олувчи болалар билан дилдан суҳбат ўтказди.
Болажонлар учун яна бир яхши янгилик бу йилги мавсум 5 оқимда ўтказилиши мўлжалланган, яъни 2 августдан 14 августгача 5-оқимда мазза қилиб мириқиб дам олиш имконияти яратилди.
Ёзги таътил даврида болалари шундай чиройли, шинам ва замон талабига мос ва хос оромгохда дам олаётганлигининг ўзи ишлаб чиқариш кўрсаткичлари янада яхши бўлишининг кафолатидир.
Бундай эзгу ва хайрли ишларнинг амалга оширилишида мажмуанинг иқтисодий салоҳияти беқиёс замин яратмоқда.